PROFKUR.uz

11.12.2018 - Санаторийларда байрам тадбирлари





Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш ҳамда Конституция қабул қилинганлигининг йигирма олти йиллигини муносиб нишонлашда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторий ва дам олиш масканлари иштирокини таъминлаш мақсадида Санатор-курортлар бошқармасининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма олти йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди  ва мазкур режа асосида фаолият олиб борилмоқда.


Жумладан, умумхалқ байрамига бағишлаб санаторийлар ҳудудида ва уларнинг ташқарисида  шанбаликлар ташкил этилди.

Санаторийлар ва дам олиш масканлари меҳнат жамоалари ўртасида ўтказилаётган "Маънавият соатларида"соҳа мутахассисларини жалб этган холда, Конституциянинг мазмун-мохиятини, халқимиз маънавий хаётида тутган ўрни ва ахамиятини хамда юртимизда ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни тарғиб этишга қаратилган "Конституция-хуқуқ ва эркинликларимиз, фаровонлигимиз кафолати", "Конституция- бош қомусимиз", "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси-барқарор Конституция" мавзуларида маърузалар уюштирилмоқда.   "Чинобод", "Оқтош", "Ботаника" санаторийларида ходимлар ва дам олувчилар иштирокида ўтказилган тадбирларда Санатор-курортлар бошқармаси Ўқув-услубий марказининг маданий-маърифий ишлар бўйича мутахассиси Маҳмуда Мурзаева "Конституция - демократик давлатнинг ҳуқуқий пойдевори" мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига атрофлича тўхталди ва ундаги инсон ҳуқуқлари  кафолатларига алоҳида урғу берди. Давра суҳбатларида сиҳатгоҳларда дам олаётган меҳнат фахрийлари, турли соҳа вакиллари сўзга чиқиб,  Бош Қомусимизда инсон ҳаёти, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият  сифатида мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳақида сўз юритдилар. Тадбир очиқ мулоқот тарзида ташкил этилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.    


Опубликовано на сайте: http://www.profkur.uz
Прямая ссылка: http://www.profkur.uz/index.php?name=news&op=view&id=248