PROFKUR.uz

25.08.2018 - Хитой халқ республикаси делегациясининг ташрифи ҳақида

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармасига Хитой халқ республикаси ва Қозоғистон Республикасининг делегацияси 2018 йил 20-24 август кунлари республикамизда аҳолига ташкил қилинаётган санатор-курорт хизматини ўрганиш ва фармацевтика соҳасига инвестиция киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюришди. 

Делегация вакиллари Санатор-курортлар бошқармаси бошлиғи           А.Ахмедов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фармацевтика тармоғини  ривожлантириш агентлиги раиси А. Абдуллаев, Дори-дармон акциадорлик жамияти бошқарув раиси Р. Азимовлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказишди. Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманида ташкил этилаётган "Бўстонлиқ фарм" эркин иқтисодий фармацевтик зона, Оқтош санаторийси МЧЖ ҳамда хусусий фармацевтика ташкилотлари фаолиятлари билан танишишди.    


Республикамизда хусусий ва хорижий корхоналарга банк соҳасида берилаётган имтиёзлар тўғрисида "Ипотека банки" билан учрашув ўтказилди. 

Ўтказилган учрашувлар натижасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси билан ўзаро муносабатларни кенгайтириш борасида икки томонлама меморандум тузиш, санатор-курортлар тизимида Хитой халқ табобатини ривожлантириш, санатор-курортлар тизими муассасаларини замонавий тиббий технологияларни ўрнатиш, икки давлат орасида тиббий туризмни ривожлантириш, замонавий фармацевтика корхонасини очиш, Ўзбекистон Республикаси худудида доривор ўсимликларни етиштириш, улардан табиий дори-дармонларни тайёрлаш ва хорижий мамлакатлар, жумладан Хитой халқ республикасига экспорт қилиш масалалари мухокама этилди. Бундан ташқари санаторияларда фаолияти олиб бораётган врачларни Хитой халқ республикасига хизмат сафарига юбориш, Хитой халқ республикасидан  мутахассисларни Ўзбекистон Республикасига таклиф этиш, беморларга ташхис қўйиш ва доривор ўсимликлар билан даволаш, массаж, соғломлаштириш гимнастикаси ва игна билан даволаш йўналишларини кенгайтириш масалалари мухокама этилди. Бу борада қилиниши лозим бўлган вазифаларни аниқлаш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида икки томон вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди.  

  

Опубликовано на сайте: http://www.profkur.uz
Прямая ссылка: http://www.profkur.uz/index.php?name=news&op=view&id=246