PROFKUR.uz

18.05.2018 - “Зомин” санаторийсида ўринлар сонини кўпайтириш ва хизматлар сифатини ошириш


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги "Зомин" санаторийсида ўринлар сонини кўпайтириш ва хизматлар сифатини ошириш максадида  жорий йилда санаторийда 132 ўринли янги "Она ва бола бўлими" барпо этилди. Мазкур янги бўлимда оналар ва болаларнинг биргаликда дам олиб, соғломлаштирилиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. "Она ва бола бўлими" замонавий ётоқ хоналари билан бирга даволаш муолажалари учун мўлжалланган хоналар ҳамда шинам ошхонага ҳам эга. Даволаш муолажа  хоналари жаҳон андозалари талабларига жавоб берувчи тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Ҳар бир ётоқ хоналари сўнгги русумдаги маиший техника жиҳозлари, хусусан, телевизор, музлатгич ҳамда замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Янги бўлимдаги мазкур қулайликлар дам олувчилар ҳордиғининг янада самарали бўлишини таъминлайди. 


Жорий йилнинг 12 май куни "Зомин" санаторийсида барпо этилган янги "Она ва бола бўлими"нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод қишлоқ» дастури бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Жиззах вилоятида  истиқомат қилаётган 20 нафар эҳтиёжманд оила ҳамда кекса авлод вакилларининг "Зомин" санаторийсида қурилиб, фойдаланишга топширилган янги "Она ва бола бўлими"да бепул соғломлаштирилиши ташкил этилди. Яъни, янги бўлимнинг илк дам олувчилари вилоятдаги оналар ва болалар, отахон ва онахонлар бўлдилар.    

 

Опубликовано на сайте: http://www.profkur.uz
Прямая ссылка: http://www.profkur.uz/index.php?name=news&op=view&id=243