PROFKUR.uz

31.10.2017 - “Зомин санаторийси” да маданий-маърифий анжуман

          Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 мартдаги  "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори ҳамда жорий йилнинг 28 апрелида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланган "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар режаси"да белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Санатор-курортлар бошқармаси ва "Зомин санаторийси" томонидан "Шароф Рашидов - атоқли давлат арбоби ва  таниқли ёзувчи" мавзусида маданий-маърифий анжуман ташкил этилди.

           Тадбир ташкилотчилари томонидан санаторий фойесида Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган экспонатларга бой музей ҳамда адиб асарлари жавони ташкил этилди.  

          Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Жиззах вилояти ҳамда Зомин тумани ҳокимликлари, Санатор-курортлар бошқармаси масъул ходимлари, меҳнат фахрийлари, олимлар, ёзувчилар, шоирлар, санъаткорлар,  шунингдек, "Зомин санаторийси" ходимлари ва дам олувчилари: 500 нафардан ортиқ киши иштирок этишди.            Тадбирни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари  Бахтиёр Махмадалиев кириш сўзи билан очиб берди.            Анжуманда "Жиззах овози" газетасининг бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Акром Иномов "Шароф Рашидов - ўзбек халқининг ардоқли фарзанди, атоқли адиб", Санатор-курортлар бошқармасининг маданий- маърифий ишлар бўйича мутахассиси Маҳмуда Мурзаева "Шароф Рашидовнинг халқ саломатлиги йўлидаги ҳамда Ўзбекистонда санатор-курорт тизимини ривожлантиришдаги хизматлари" мавзуларида маъруза қилдилар.                Шунингдек, тадбирда Шароф Рашидовнинг сафдоши Саидакбар Ризаев, ёзувчи ва журналист Шуҳрат Жабборов, Ўзбекистон халқ шоирлари Сирожиддин Сайид, Маҳмуд Тоир, шоира Сайёра Тўйчиева, Ш.Рашидовнинг тоғалари, Меҳнат Қаҳрамони Ҳамроқул Носировнинг фарзанди Ширин Ҳамроқулова сўзга чиқди.           Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг "Маданият ва маърифат" телеканали томонидан  Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ишланган ҳужжатли фильм намойиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.            Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев томонидан Шароф Рашидов шеърлари билан айтилган ҳамда она Ватанни, унинг табиатини, севги-муҳаббатни мадҳ этувчи дилрабо қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди.   Анжуман сўнгида Шароф Рашидовнинг қизлари академик Сайёра Рашидова тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, отаси ҳақидаги хотиралардан сўзлаб берди.     

Опубликовано на сайте: http://www.profkur.uz
Прямая ссылка: http://www.profkur.uz/index.php?name=news&op=view&id=238