PROFKUR.uz

26.05.2017 - Театр - маънавият маскани


Санъат ва маданият - халқнинг маънавий дунёқарашини шакллантирадиган, унинг тарихи, миллий менталитети ҳамда маданий салоҳиятини намойиш этадиган қудратли куч. Бунда, айниқса, театрнинг  ўрни беқиёсдир. Театр санъати тасаввур ва тафаккур ҳосиласи, маънавий юксалиш воситасидир.

       Бугунги давр шиддати, глобаллашув, қадриятлар ва қарашлар ўртасидаги кескинликлар театр санъати ижодкорлари зиммасига ҳам улкан вазифалар юкламоқда. Бой тарихимиз, миллий қадрият ва урф-одатларимиз тарғиботи ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Театр - бу ибратхона" деган ўлмас фикри бугун ҳам ўз қийматини йўқотгани йўқ     


Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси  ҳам ушбу фикрга амал қилган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Жамоа аъзолари  ҳар бир образни тайёрлашда катта масъулият билан ёндашади. Бугунги кунда жамоа миллий ва хориж драматургиясининг энг яхши намуналарини саҳналаштириб, халқимиз эътиборига ҳавола этмоқда.

       "Бўстон санаторийси" МЧЖ  маъмурияти томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" тадбирлар режаси асосида ўз ходимларини рағбатлантириш мақсадида 120 нафар ишчи-ходимлар ва уларнинг ота-оналарининг Ўзбек Миллий академик драма театрига ташрифи уюштирилди. Театрда "Тақдир синовлари" спектакли намойиш қилинди. Спектакль  мустабид шўро тузуми даврида юртимиздаги номаъқулчиликлар, адолатсизликлар, айрим муассаса ва ташкилот раҳбарларининг юқори лавозимдагиларга лаганбардорлик қилишлари-ю, бунинг оқибатида оддий халқнинг устидан кулиб, ҳақорат қилишлари ҳақида ҳикоя қилади. Спектакль томошабинларнинг маънавий оламини бойитишга, меҳр-оқибатли бўлиш, ҳозирги мустақиллик давридаги фаровон турмушнинг қадрига етишларида бир восита бўлиб хизмат қилади.   Саҳна безакларию, танланган артистларнинг  ўз ролларини моҳирона ижро этишлари томошабинларни тўлқинлантириб юборди. Санаторий ходимлари ва уларнинг ота-оналари  театрдан олам-олам  таассуротлар билан қайтишди.        Юксак бадиият ва ҳаққонийлик, эзгу мақсадларга хизмат қилиш руҳи билан суғорилган асарлар яратиш - барча санъат турлари каби театр санъати фидойилари учун ҳам асосий мезон бўлиб қолмоқда.     


Опубликовано на сайте: http://www.profkur.uz
Прямая ссылка: http://www.profkur.uz/index.php?name=news&op=view&id=231